Ўзбекистонда «метан заправкалар» фаолиятига чекловлар киритилди
Ўзбекистонда метан ёқилғи қуйиш шохобчаларига вақтинча чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу чорага қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган техник носозлик туфайли импорт қилинаётган табиий газ қисқарганлиги сабаб бўлган.
Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини (мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, шифохоналар, олий таълим муассасалари, иссиқлик электр станциялари ва бошқалар) табиий газ билан барқарор таъминлаш бош вазифалардан эканлиги билдирилди.
Шу боис, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида табиий газ босими пасайишини олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа-графикларга асосан «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилмоқда, — дейилади хабарда.
Бу зарурий чоралар вақтинча бўлиб, газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини маълум қилинди.





