Жиззахда аттракцион қулаб тушди: 4 киши жароҳатланди

Жабрланганлар шифокорлар назоратида бўлиб, ваколатли органлар томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда

Бугун ижтимоий тармоқларда Жиззахда аттракцион қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазият юзасидан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати муносабат билдирди.

Мазкур видеолавҳада акс эттирилган ҳолат 2026-йил 10-июн куни таҳминан кеч соат 22:00 атрофида содир бўлган.

Жумладан, Жиззах шаҳар «Ўрда» экологик маданият ва истироҳат боғидаги «Ниятжон нияти» МЧЖга қарашли, 2019-йилда ишлаб чиқарилган «Башня подения» номли, 16 ўриндиқли аттракцион қулаб тушган.

Ходиса оқибатида жами 4 та фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Воқеа натижасида ўлим ҳолат қайд этилмаган.

Мазкур аттракционда навбатдаги техник кўрик 2025-йил 5-ноябрда ўтказилган. Ҳозирда мутасадди масъул органлар томонидан терговга қадар дастлабки ўрганиш ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон