Ўзбекистонда 50 йил ва ундан ортиқ вақт аввал ишлаб чиқарилган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланади

Ўзбекистонда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизими «Маъмурий амалиёт» модули масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади.

Жумладан, 2026 йил 1 февралдан:

• умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, конлар, шахта ва карьерларда қўлланиладиган махсус транспортлар, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, «антиквар» автомототранспортлар учун алоҳида серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади;

• ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспортлардан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқарилади.

Шу билан бирга, автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади.

Автомототранспортни давлат рўйхатидан ўтказишда қуйидаги ҳужжатларни ваколатли органлардан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилади:

• автомототранспорт олди-сотди шартномаси;

• «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш» АЖ томонидан берилган аукцион баённомалари;

• давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспортларга бериладиган электрон ҳисоб-маълумотлар;

• автомототранспорт воситаси мулкдорининг маълумотлари.

Ўзбекистон