Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш учун 500 млрд сўм ажратилади
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида келгуси йили буджетдан 500 миллиард сўм йўналтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг парламент сайловидан кейинги биринчи мажлисида эълон қилди.
Қайд этилишича, тўрт йил аввал 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмас эди. Ўтган даврда 3,5 миллион фуқаро учун даромад олиш имконияти яратилиб, камбағалликни 11 фоизга туширишга эришилди. Келгуси уч йилда уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.
Янги йилдан 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамлар, 50 га яқин имтиёзларни ўзида мужассам этадиган ягона «Ижтимоий карта» тизими йўлга қўйилади. Даромади ва соғлиғини йўқотиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш кўлами босқичма-босқич кенгайтирилади. Бунинг учун «Ижтимоий суғурта тўғрисида»ги қонун қабул қилинади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш учун ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўлами кенгайтирилади.