Тошкентдаги «Хонободтепа» ёдгорлигига зарар етказилди
Тошкент шаҳрида жойлашган VI–XV асрларга оид «Хонободтепа» археологик ёдгорлигига канализация қувурлари ўтказилиши оқибатида 31,5 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ихтисослашган корхона томонидан ёдгорлик ҳудуди орқали узунлиги 257 м бўлган канализация қувурлари ўтказилган. Қурилиш ишлари давомида 160 куб м ерни экскаватор ёрдамида қазиб ўтилган. Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида тарихий объектга катта миқдорда моддий зарар етган.
Прокуратура органлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида мазкур ҳолат юзасидан корхона мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Маданий мерос агентлиги бу каби қилмишлар оғир жиноят ҳисобланишини, айбдорларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкинлигини эслатди.