Сенат Ўзбекистоннинг 2025 йилги давлат бюжетини тасдиқлади

Олий Мажлис Сенати «Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилги Давлат буджети тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳужжатга кўра, 2025 йилда инфляция даражаси иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ҳужжатда 2025 йилда жамланма буджет даромадларини 431,0 триллион сўм, харажатларини эса ўрта муддатли истиқболда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ортиқ оширмаслик вазифасидан келиб чиқиб, харажатларини 480,5 триллион сўм миқдорида шакллантириш белгиланган.

Давлат буджетининг даромадлари 308,5 триллион сўмни, харажатлари эса 344,8 триллион сўмни ташкил этади. Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари ва харажатлари (буджетлараро трансфертлардан ташқари) 66,4 триллион сўм ва 62,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилган.

Аниқлик киритилишича, давлат буджети харажатларининг 52 фоизи (177,7 триллион сўм) ижтимоий соҳага йўналтирилган.

Давлат буджети харажатларида атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларига 3,6 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 41,3 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.

Ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, республика аҳамиятига молик тадбирларни амалга оширишга қаратилган тадбирларга маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Иқтисодиёт