Ангрендаги кўмир конида авария оқибатида БелАЗ ҳайдовчиси ҳалок бўлди

5 март куни тахминан соат 10:15 да Тошкент вилоятидаги «Ангрен» кўмир конида БелАЗ самосвали тоғ жинсларини тўкиш вақтида сирпаниб, орқага ағдарилди ва ёниб кетди. 

«Ўзбеккўмир» компаниясининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар тезда воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни ўчирган.

Оғир жароҳат олган самосвал ҳайдовчиси А.Ахмеджоновга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Ангрен шаҳри марказий шифохонасига етказилган. Бироқ шифокорларнинг уринишларига қарамай, у вафот этган.

«Ўзбеккўмир» раҳбарияти марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Тошкент