Самарқандда 1,8 млрд сўмлик субсидия маблағлари ўзлаштирилиб юборилди

Самарқанд вилоятида тадбиркорларга ажратилган 1,8 млрд сўм субсидия маблағлари ўзлаштирилиб юборилгани аниқланди, деб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Ўрганиш давомида аниқланишича, 2023-2024 йиллар давомида тадбиркорлик субъектларига ажратилган жами 7,9 млрд сўм миқдорида субсидия маблағлардан 1,8 млрд сўмлик қисми ўзлаштириб юборилган, — дейилади хабарда.

Жумладан:

• Иштихон туманида 423,7 млн сўмлик;

• Каттақўрғон шаҳрида 547,3 млн сўмлик;

• Нарпай туманида 263,7 млн сўмлик;

• Нуробод туманида 300,1 млн сўмлик;

• Оқдарё туманида 106,2 млн сўмлик;

• Пайариқ туманида 102,8 млн сўмлик;

• Ургут туманида 85,5 млн сўмлик субсидия маблағлари учун касаначиларга асбоб ускуналар етказиб берилмаган.

Шунингдек, ижтимоий шартнома шартларининг бажарилиши субсидия маблағлари ажратилган рўйхатдаги касаначиларнинг иш билан бандлигини таъминланганлиги ҳамда иш ҳақларининг ҳисобланиши солиқ органларига топширилган ҳисоботлари асосида ўрганилганда Қарор талаблари бузилиши, ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаганлиги ҳолатлари аниқланган.

Қарор талаби бўйича Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан субсидия маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан мониторинг тадбирлари орқали назорат қилиб бориш ишларида ҳам масъулиятсизлик ва қўпол хатоларга йўл қўйилган, — деб таъкидланди.

Тўпланган материаллар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон