Самарқандда эркак бир аёлни мажбурлаб машинага ўтқазди

Самарқанд шаҳрида эркак таниши бўлган бир аёлни мажбурлаб машинага ўтқазмоқчи бўлди. Вазиятга вилоят Ички ишлар бошқармаси изоҳ берди.

Ҳодиса 1-октябрь куни соат 16:00 ларда Самарқанд шаҳар Гўри Амир маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Жумладан, 2002 йилда туғилган эркак ўзига таниш бўлган аёл билан сайр қилиб юрган вақтида улар ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.

Шундан сўнг, эркак мазкур келишмовчиликни ҳал қилиш мақсадида аёлга автомашинага ўтиришни таклиф қилган, бироқ аёл рози бўлмагач, уни мажбуран автомашинага ўтқазишга уринган.

Олиб борилган терговга қадар текширувлар давомида аёл мазкур ҳолат бўйича фуқаро эркакка нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган, — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан эркакка нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) асосида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилди.

Ўзбекистон