Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдор ходим пора билан ушланди

Фарғона вилоятида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими электр тармоқлари корхонаси бош муҳандисидан пора олаётган пайтида ашёвий далил билан қўлга олинди. Бу ҳақида UzA хабар бермоқда.

Унга кўра, «Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими бошлиғи вилоятдаги туманлардан бирининг электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси 2024 йил 9 ойлик фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари учун келгусида ишдан бўшатилмаслиги эвазига, ундан $1000 олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга АЖнинг ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи ҳам алоқадор эканлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур икки шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ўзбекистон