Марғилонда Nexia-3 ни юк поезди уриб юборди
Фарғона вилоятида Nexia-3 русумли автомобиль ҳаракатланаётган поезд тагига тушиб қолди, деб хабар қилмоқда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати.
Ҳодиса 19 февраль куни соат 22:30 ларда Охунбобоев ва Марғилон бекатлари оралиғида юз берди. Аниқланишича, автомобиль ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда поездни «зиг-заг» усулида айланиб ўтишга уринган.
Воқеа содир бўлган жойга транспортда хавфсизликни таъминлаш хизмати ходимлари ва темир йўл мутахассислари дарҳол етиб келиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганишга киришдилар.
Енгил автомобиль ҳайдовчиси турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган ва ҳозирда унинг аҳволи аниқланмоқда, дейилади хабарда.
Айни пайтда Фарғона вилояти транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ТБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.