Тошкент метросининг 13 та бекатида кассалар ёпилди

Тошкент метросида 13 бекатдаги кассалар ёпилди, йўловчилар автоматлаштирилган тўлов тизимларига ўтаяпти. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент метрополитенида йўловчилар учун қулайликларни ошириш ва касса олдидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида метро йўл ҳақи тўловининг 10 дан ортиқ замонавий усуллари жорий этилган.

Маълумотга кўра, ҳозирда йўловчиларнинг фақат 6–7% и кассадан нақд пул эвазига ҚР-кодли бир марталик чипта харид қилмоқда. Аввал бу кўрсаткич 45–50% ни ташкил этган. Натижада, узоқ муддатли кузатувлар асосида баъзи бекатлардаги кассалардан фойдаланиш кескин камайгани аниқланган.

Шу сабабли, Мирзо Улуғбек, Халқлар дўстлиги, Пахтакор, Ҳамид Олимжон, Пушкин, Дўстлик, Тошкент, Ойбек, Тинчлик, Шаҳристон, Бодомзор, Минор ва Абдулла Қодирий метро бекатларининг бир вестибюлида жойлашган кассалар ёпилди.

Мазкур вестибюлларга синов тариқасида автоматлаштирилган чипта сотиб олиш банкоматлари ўрнатилмоқда.

Йўловчилар ушбу вестибюлларда АТТО карталари, банк карталари, мобил иловалар, кафт орқали ва бошқа тўлов тизимлари орқали метрога кириш имкониятига эга бўладилар.

Тошкент метрополитени раҳбарияти йўловчиларга навбатсиз ва тезкор хизмат кўрсатиш, шунингдек, йўл ҳақини арзонроқ тарифларда тўлаш имкониятини таъминлаш учун мазкур ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидламоқда.

Тошкент