Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий музейига асос солди
Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф чоғида давлат раҳбарига ушбу иншоот лойиҳаси ва хусусиятлари, қурилиш босқичлари ҳақида ахборот берилди. Музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Япониянинг «Tadao Ando Architect & Associates» архитектура бюроси ҳамда Германиянинг «Atelier Brückner» компанияси томонидан лойиҳалаштирилган.
Унинг ташқи қиёфаси айлана, тўрт бурчак ва уч бурчак шаклида бўлиб, Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзида уйғунлаштиради. Мажмуа 3 қаватли музей, 2 қаватли ертўла ҳамда ёрдамчи бинолардан иборат бўлади. Хитойнинг «CSCEC International Construction» компанияси томонидан қурилади.
Қайд этилганидек, ҳозир биргина Тошкентдаги 30 та музейда 1 миллиондан зиёд экспонат бор. Уларнинг 100 минги Давлат санъат музейида бўлиб, шундан бор-йўғи 2 минг 400 таси намойишга қўйилган. Кўргазма заллари етарли бўлмагани сабабли 97 мингдан зиёди омборда сақланмоқда.
Марказий Осиё, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Европа давлатлари маданиятини ўзида акс эттирган бу ноёб санъат асарлари нафақат бизнинг, балки бутун инсониятнинг беқиёс бойлиги. Уларни асраб-авайлаб, келгуси авлодлар учун бешикаст етказиш, дунё оммасига намойиш қилиш орқали мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданиятини тараннум этиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз, — дея таъкидлади Президент.
Бундай маҳобатли музей мамлакат тарихида илк бор барпо этилаётгани қайд этилди. Унинг умумий майдони 40 минг квадрат метр бўлади. Кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва экспонатларни сақлаш хоналарида энг замонавий қулайликлар ташкил этилади.
Бу орқали ҳозирда пойтахтимизнинг турли музейларида тарқоқ жойлашган тарихий ашёлар, кўҳна ва замонавий санъат асарларини яхлит кўриш мумкин бўлади. Умуман, музейда бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин экспонатни намойиш қилиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, 4 минг квадрат метр майдонда конференция заллари, аудитория ва ресторанлар, болалар майдончалари жойлашади.
Ишончим комил, янги барпо этиладиган мажмуа мамлакатимизнинг жаҳон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнини янада ёрқинроқ кўрсатади. Бир йил эмас, ўн йил эмас, кўп йиллар давомида халқимизга хизмат қилади, — деди Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида.
Шундан сўнг давлат раҳбари мажмуа пойдеворига капсула қўйиб, қурилишни бошлаб берди.