Халқаро қидирувда бўлган шахс Мисрдан Ўзбекистонга олиб келинди
Фуқаро товламачилик ҳамда бир қанча бошқа оғир жиноятларни содир этгани учун қидирилаётган эди

Интерпол орқали халқаро қидирувда бўлган шахс Мисрдан Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Хусусан, товламачилик ва бир қатор бошқа оғир жиноятларни содир этганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ташаббуси билан халқаро қидирувга берилган шахсни қўлга олиш ва кейинчалик экстрадиция қилиш учун зарур материаллар ўз вақтида юборилиши таъминлангани таъкидланди.
Интерпол Миллий марказий бюросининг халқаро қидирув бўйича ўтказган тадбирлари натижасида қидирилаётган шахснинг давлатлараро ҳаракатланиш йўналишлари аниқланиб, унинг Миср Араб Республикаси ҳудудида экани тасдиқланган.
Интерпол каналлари орқали олинган маълумотлар Мисрнинг ваколатли идораларига қидирувдаги шахсни қўлга олиш имконини берган.
Экстрадиция тўғрисидаги сўров кўриб чиқилгач, Миср Араб Республикасининг ваколатли идоралари қидирувдаги шахсни Ўзбекистон Республикасига топшириш ҳақида қарор қабул қилган.
Шундан сўнг, қидирувдаги шахс Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилди ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш учун мамлакат ҳудудига олиб келинган.





