Бухорода туман тиббиёт бирлашмасида бюджет маблағлари талон-торож қилинди

Бухоро вилояти Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмасида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди.

Маълум бўлишича, агентлик томонидан тиббиёт бирлашмасида коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, унга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар, мансабдор шахслар фаолияти, коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилган чоралар ўрганилган. Шунингдек, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя қилиниши таҳлил қилинган.

Агентлик томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва прокуратура идоралари томонидан қўшимча ўтказилган ўрганишда бирлашма мансабдор шахслари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз сарф қилиниши, ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳолатлари, аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлаб келиниши, тиббиёт техникаларини сотиб олиш, пулли тиббий хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, шунингдек, давлат харидлари амалга оширилишида бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.

«Ўрганиш якуни бўйича бирлашма фаолиятида жами 1 миллиард 273,5 миллион сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган бўлиб, шундан ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 890,5 миллион сўм ҳисоблаб сарфланган. Бунинг оқибатида, жуда кўп миқдорда смета-штат интизоми бузилган. Бундан ташқари, 383,0 миллион сўмлик бюджет маблағлари турли хил ноқонуний йўллар, жумладан, тиббий ускуналарни қиммат нархларда харид қилиш орқали кўп миқдордаги бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги маълум бўлган», дейилади хабарда.

Шунга мувофиқ, ўтказилган текширувлар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бухоро вилояти Шофиркон туман бўлими томонидан Шофиркон тумани Тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми, 184-1 (Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарга кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар