Фарғонада 270 туп дарахт ноқонуний кўчирилди
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида 270 туп кўп йиллик соғлом дарахтлар ноқонуний кўчирилгани аниқланди. Бу ҳақда Экологик назорат инспекцияси маълум қилди.
Қайд этилишича, инспекция томонидан Ҳувайдо маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган Бешолиш сойи бўйида ўрганиш ишлари ўтказилган. Текширув давомида 2025 йил 22 январда Қувасой шаҳар ҳокими томонидан ушбу ҳудудни аукцион савдоларига чиқариш бўйича қарор қабул қилингани аниқланган.
Шунингдек, мазкур майдонда кўп қаватли уйлар, савдо дўконлари, супермаркетлар ва ресторанлар қуриш режалаштирилгани маълум бўлди. Бироқ Қувасой шаҳар экология бўлими 3 февраль куни Elektron автоматлаштирилган ахборот тизими орқали бу ҳудудда кўп йиллик дарахтлар мавжудлиги сабабли қурилишга рухсат берилмаслиги ҳақида хабар берган.
Шунга қарамай, 11−14 февраль кунлари шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ҳокимликнинг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Н.М.нинг топшириғига асосан 270 туп дарахт (сасна, каштан, катальпа, япон сафораси, тут, айлант) 16 та жойга ноқонуний равишда кўчириб ўтқазилган. Шундан 9 тупи кўчириш жараёнида нобуд бўлган.
Мутасаддиларнинг ноқонуний қарор ва топшириқлари сабабли кўчирилган дарахтлар нобуд бўлиши хавфи бор. Табиатга етказилган зарар миқдори 1 млрд 829 млн 437 минг 500 сўмни ташкил этган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилди.