Фарғонада банк ходимлари ва ҳоким ёрдамчиларининг фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Фарғона вилоятида «Халқ банки»нинг Ўзбекистон банк хизматлари маркази ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари фош этилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Аниқланишича, мазкур марказда фаолият юритувчи маҳалла банкири бошқарувчи ўринбосари билан тил бириктириб, 2 нафар фуқаро номига 66 млн сўм кредит ажратиш эвазига 10 млн сўм пора талаб қилган. Банкир пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Терговга қадар текширув жараёнида улар аввал ҳам турли суммаларда пора олгани аниқланган: банкир 600 минг сўм, бошқарувчи ўринбосари эса 920 минг сўм олган.

Бундан ташқари, сохта ҳужжатлар асосида 153 млн сўм миқдорида кредит ажратилиши ва уларнинг нақдлаштирилиб талон-торож қилиниши ҳолатлари ҳам қайд этилди. Бу жиноятларга банк мансабдорлари, ҳоким ёрдамчилари ва МЧЖ раҳбари алоқадор бўлган.

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Маълум бўлишича, банк бошқарувчиси ўринбосари илгари ҳам икки бор фирибгарлик ва пора олиш билан судланган.

 

Фарғона