Президент Гулистонда содир бўлган портлаш қурбонлари оилаларига 100 млн сўмдан ажратишни топширди

Сирдарё вилояти халқ депутатлари Кенгаши сессиясида Шавкат Мирзиёев фуқаролар оилаларига ҳамдардлик билдириб, уларга молиявий ёрдам ажратишни топширди.

Президент уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Уч кун муддатда қурбон бўлганларнинг оиласига 100 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратиш топширилди, — дейилади хабарда.

Топшириққа кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази директори бошчилигида 10 нафар малакали шифокорлар бригадаси жабр кўрганларга бепул сифатли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатмоқда.

Масъул идораларга ушбу бахтсиз ҳодиса сабабларини тез фурсатларда аниқлаб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.

Умуман, ушбу фожиа фавқулодда вазиятлар тизими учун катта сабақ бўлиши кераклиги қайд этилди.

Қиш ойларида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича барча масъуллар 24 соатлик иш режимига ўтиши зарурлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, ёнғин, 2-декабрь куни соат 10:49 да Гулистон шаҳар «Тараққиёт» МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасининг ошхонасида содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган.

 

Ўзбекистон