Октябрь ойида Ўзбекистон $833 млнлик олтин экспорт қилди

10 ой ичида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $54,36 миллиардни ташкил қилди. Бу ҳақида Статистика агентлиги хабар берди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу кўрсаткич 6,7% га ошган. Бунга экспорт (22,42 млрд доллар, +9,6 фоиз) ва импортнинг ўсиши (31,92 млрд доллар, +4,7 фоиз) сабаб бўлди.

Октабр ойида Ўзбекистон 833,4 миллион долларлик олтин сотди. Йил бошидан буён қимматбаҳо металл экспорти ҳажми $6,6 млрддан ошди, бироқ йиллик кўрсаткичда 3,5% га пасайиш кузатилди.

Хитой Ўзбекистон билан савдо бўйича биринчи ўринни ($10,23 млрд), шунингдек, асосий товар етказиб берувчи ролини ($8,51 млрд) сақлаб қолмоқда. Иккинчи ўринни $9,69 млрд билан Россия эгаллади, бу йўналишда экспорт ($3,09 млрд) сезиларли даражада ошди.

Шунингдек, Қозоғистон ($3,42 млрд), Туркия ($2,42 млрд) ва Жанубий Корея ($1,65 млрд) ташқи савдо ҳамкорлари бешлигига кирди, бироқ улар билан савдо алоқалари секинлашди.

Иқтисодиёт