Ўзбекистонда олтин нархи рекорд даражада ошди

Ўзбекистонда 18 октябрь куни олтин қуйма ва эсдалик тангалар нархи рекорд даражада ошди. Бу ҳақида Марказий банк маълум қилди.

Бир грамм олтин ҳозирда 1 миллион 148 минг 740 сўмга баҳоланмоқда. 5 граммлик олтин қуйманинг нархи 5 миллион 744 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Олдинги нарх рекорди уч ҳафта олдин қайд этилганди. Олтин қуймалар нархи кетма-кет беш кун кўтарилганди. Сўнг қимматбаҳо металл нархи бир мунча пастлади. Йил бошидан бери олтин нархи 35,5 фоизга ошди.

Айни пайтда олтин нархи бир троя унцияси 2670 долларга яқинлашмоқда. Экспертларнинг фикрича, глобал ноаниқлик фонида ҳимоя активи сифатида олтинга қизиқиш ортиб бормоқда.

UBS Group прогнозига кўра, бозордаги ўзгарувчанлик АҚШ сайловлари тугагунига қадар ва янги маъмурият тасдиқланмагунча давом этади.

Иқтисодиёт