Самарқандда вояга етмаган шахс бурун операцияси вақтида вафот этди
Самарқанд вилоятида 16 ёшли қиз бурун орқали нафас олишдаги муаммо сабабли ўтказилган жарроҳлик амалиёти вақтида вафот этди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, қиз хорижда яшаб, таҳсил олаётган бўлиб, ёзги таътилни бувиси билан ўтказиш учун Ўзбекистонга келган. 1 июль куни у бувиси билан Самарқанд вилояти марказий шифохонасига мурожаат қилган. Шифокорлар унга бурун операцияси зарурлигини билдирган.
Операциядан сўнг беморнинг аҳволи ёмонлашган ва у вафот этган. Воқеа юз берган вақтда қизнинг ота-онаси чет элда бўлган. Марҳуманинг бувиси қизининг ўлимида тиббиёт ходимларини айбламоқда.
Айни пайтда ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан суд-тиббий экспертиза тайинланган, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.