Жиззахда собиқ севгилисидан 400 доллар талаб қилган йигит ушланди

Жиззах шаҳрида собиқ севгилисини сир сақланиши лозим бўлган видеоларини тарқатиш билан қўрқитиб, ундан 400 доллар олган йигит ушланди.

Маълум бўлишича, 19 март куни Жиззах шаҳрида яшовчи 23 ёшли И.Н.(аёл) шаҳар ИИБ бошлиғининг номига ариза билан мурожаат қилган. Унда Тошкент вилояти Пскент туманида яшовчи собиқ йигити, 23 ёшли А.Ж. март ойи ўрталарида унинг сир сақланиши лозим бўлган видеотасвирларини тарқатиб, яқин қариндошларига кўрсатишини рўкач қилиб, буни ошкор қилмаслик учун ундан 400 доллар пул беришга мажбур қилганини айтган.

Мазкур ариза юзасидан шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида А.Ж. 400 доллар олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар