Тошкентда ЙПХ инспекторини уриб юборган ўсмирга ҳукм ўқилди

Судланувчи BMW M4 автомобилини бошқариб кетаётиб, инспектор Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборган. Олинган тан жароҳатлари оқибатида у касалхонада вафот этган

Тошкентда жорий йилнинг февраль ойида йўл-патруль хизмати инспекторини уриб юборган ўсмирга ҳукм ўқилди.

Йўл-транспорт ҳодисаси Миробод туманида содир бўлган. BMW M4 русумли автомобиль рулида вояга етмаган Д. Т. (2010 йилда туғилган, 10-синф ўқувчиси, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган) бўлган. Олинган тан жароҳатлари оқибатида кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров касалхонада вафот этган.

Бугун 18 сентябрь куни, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг «д» банди бўйича (жабрланувчининг вафотига сабаб бўлган даражада қасддан банданга оғир шикаст етказиш) Д. Т.га (2010 йилда туғилган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси) нисбатан юритилган жиноят иши юзасидан ёпиқ суд мажлиси ниҳоясига етди.

Суд ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг қайд этилган моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан (ЖКнинг 85-моддаси тартибида) 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳукмга кўра, жазони ўташ муддати судланувчига нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган 2026 йилнинг 27 февраль кундан бошлаб ҳисобланади.

Ўзбекистон