Наманганда қизларни фоҳишалик учун Туркияга юбормоқчи бўлган аёллар ушланди
Гумонланувчилар Тошкент аэропортига бориш йўлида ушланди, улардан бири муқаддам шунга ўхшаш жиноятни содир этгани учун судланган

Наманган вилоятининг Чуст туманида икки қизни фоҳишалик билан шуғулланиш учун Туркияга юбормоқчи бўлган икки аёл ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Хусусан, Давлатобод туманида яшовчи, 1990 ва 1993-йилларда туғилган 2 нафар аёл маҳаллий 2 нафар қизнинг ишончига кириб, уларни Туркиянинг Анталия шаҳрига фоҳишалик билан шуғулланиш учун юбориш ҳамда у ерда топадиган даромадларининг яримини ўзлаштиришни режа қилишган.
Шу мақсадда улар қизларни «Тошкент – Анталия» йўналиши бўйича хорижга жўнатиш учун пойтахт аэропортига олиб кетаётган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан Чуст тумани ҳудудида тўхтатиб қолинган.
Таъкидланишича, 1990 й.т. аёл муқаддам ҳам шу турдаги жиноятни содир этгани учун судланган.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





