Ўзбекистонда дала атрофидаги йўллар бўйига «баскетбол» услубидаги чиқинди қутилари ўрнатилмоқда
Ташаббус «чиқиндини далага эмас, «сават»га» деган шиор остида амалга оширилмоқда

Ўзбекистонда дала атрофидаги йўллар бўйига «баскетбол» услубидаги чиқинди қутилари жойлаштирила бошланди. Ушбу ташаббус Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда
Сафарда пластик шиша ва бошқа чиқиндиларни машинада сақлаб туринг. Хавфсиз жойда тўхтагач, маҳоратингизни синаб кўринг: нишон дала эмас, чиқинди қутиси бўлсин. Саватга тушмаса, ерда қолдирманг, — дейилади вазирлик хабарида.
Шу ўринда ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчиларидан хавфсизлик чораси сифатида чиқиндиларни йўлга отмаслик сўралди.
Шунингдек, фермерлар ва маҳаллий ҳокимликлар ҳам бундай қутиларни йўловчилар хавфсиз фойдалана оладиган жойларга ўрнатиш ҳамда мунтазам бўшатиб туришни ташкил этишга чақирилди.





