Қўқонда мижозни ўлдириб, мурдасини каналга ташлаб юборган банк ходимига ҳукм ўқилди

Судланувчи автомобиль сотиб олмоқчи бўлган фуқаронинг пулларини эгаллаб олишни мақсад қилган. У фуқарони хилват жойга олиб бориб, унга пичоқ билан 20 дан ортиқ зарба берган

Эслатиб ўтамиз, бир неча ой аввал Қўқонда (Фарғона вилояти) банк ходими мижозини ўлдириб, мурдасини каналга ташлаб юборгани ҳақида хабар берилган эди.

Хусусан, март ойи охирида Ўзбекистон туманида яшовчи С. Э. автокредит расмийлаштириш учун банкка йўл олган. Шундан сўнг у бедарак йўқолган.

Марҳумнинг яқинлари у банк биносини ходим билан бирга тарк этганини, ходим эса икки соатдан кейин ёлғиз ўзи қайтиб келганини айтишган.

Терговга қадар текширув давомида Қўқондаги банклардан бирининг кредит бўлими мутахассиси А. Т. гумонланувчи тариқасида ушланиб, у мижозни ўлдирганини тан олган.

Жумладан, А. Т. С. Э.нинг ёнида 5 700 доллар борлигини билиб, ушбу пулларни эгаллаб олишни мақсад қилган. У мижознинг ишончига кириб, уни кўчага чиқишга кўндирган ва ўзининг Tracker автомобилида хилват жойга олиб борган.

У ерда у фуқаро билан қасддан низо чиқариб, уни машинадан тортиб олишга уринган. С. Э. қаршилик кўрсатганида, А. Т. унга ошхона пичоғи билан 20 дан ортиқ зарба берган.

У марҳумнинг мурдасини машинасига ортиб, банкка қайтган. Иш куни якунлангач, судланувчи марҳумнинг мурдасини катта Фарғона каналига ташлаб юборган. С. Э.нинг мурдаси орадан олтмиш кун ўтиб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди А. Т.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» ва «и» бандлари (қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топди. Унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд қарори билан айбдордан марҳумнинг қонуний вакили фойдасига моддий ва маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Ўзбекистон