Энди тиббиёт ходимларига ҳар ойлик устамалар тўлаб борилади

Шунингдек, фармацевтика ва педагог ходимларнинг ойлик маошларига ҳар ойлик устамалар белгиланади

«Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб:

• ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик ўқув дастурларига қабул бекор қилинади;

• олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашда ривожланган хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари жорий этилади;

• тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислигида илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш мақсадида магистратура дастури йўлга қўйилади.

2027 йил 1 январдан тиббиёт, фармацевтика ва педагог ходимларнинг ойлик маошларига қуйидаги миқдорларда базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик устамалар белгиланади:

• бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари;

• магистратурани тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари;

• оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ва шу йўналишда магистратурани тамомлаган педагог кадрларга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари.

 

Ўзбекистон