Европа ижтимоий тармоқлар учун ёш чегарасини кучайтирмоқда

Болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатор ёш чегараларини киритиш таклиф этилмоқда

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен болаларни ижтимоий тармоқлардаги хавфлардан ҳимоя қилиш бўйича янги ёндашувни маълум қилди.

Еврокомиссия Kids Act доирасида 13 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш, 15 ёшгача шахсий аккаунт очишни тақиқлаш, 13–15 ёшдагилар учун эса ота-она назоратидаги чекланган «мини-аккаунт»ларни жорий этишни таклиф қилмоқда.

Бундай аккаунтлардан фойдаланиш кунига бир соат билан чекланиши, 15–18 ёшдагилар учун эса платформаларда «safe design» талаби қўлланиши кўзда тутилмоқда.

Фон дер Ляйен технологик платформаларнинг болаларга таъсири ҳақида гапирар экан, қарамликка олиб келувчи функциялар, тобора экстремал контентга тортилиш ва қизларнинг фотосуратларидан сунъий интеллект орқали жинсийлаштирилган сохта тасвирлар яратишни қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Биз қарамликни келтириб чиқарувчи функцияларни қабул қилишга мажбур эмасмиз. Болаларнинг тобора экстремал контентга тортилишига ҳам рози бўлмаслигимиз керак, — деди Европа Комиссияси президенти.

Еврокомиссия раҳбари яна бир муҳим тамойилни илгари сурди: платформалар ўз хизматлари болалар учун хавфсиз эканини исботлаши керак. Унинг таъкидлашича, масала фақат болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришида эмас, балки ижтимоий тармоқларнинг болалар ҳаётига қачон ва қандай кириб келишида.

Ўзбекистон