Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ёдгора Зиёмуҳамедова вафот этди
Театр ва кино санъатининг таниқли вакили 74 ёшида вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино санъатининг таниқли вакили, актриса Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ёдгора Зиёмуҳамедова театр соҳасида самарали ижод қилиб, саҳнада 100 га яқин турли образларни яратган.
Унинг «Қизил шапкача»да Қизил шапка, «Зумрад ва Қиммат»да Қиммат, «Фарзандим жигарбандим»да Санобар, «Сенинг тақдиринг»да Назира, «Яраш-яраш»да Покиза, «Бургут»да Гулнур, «Биринчи муаллим»да Олтиной каби образлари томошабинлар меҳри ва эътиборига сазовор бўлган.
Актриса телевидение ва кино соҳаларида ҳам самарали ижод қилиб, айниқса, болажонлар севиб томоша қилган «Оқшом эртаклари» кўрсатувини 25 йил давомида олиб борган.
Ёдгора Зиёмуҳамедованинг миллий санъат ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, серқирра ижоди ва бой ижодий мероси халқимиз хотирасида ҳамиша сақланиб қолади, — дейилади вазирлик хабарида.





