Тошкент пара енгил атлетика бўйича 2027-йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
Тошкент шаҳри 2027-йилги пара енгил атлетика бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига мезбон сифатида расман тасдиқланди, деб хабар берди Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Мазкур нуфузли мусобақа нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ҳудудида илк бор ўтказилади. Дунё биринчилиги 2027-йилнинг июн ойида пойтахтдаги «Олимпия шаҳарчаси»да жойлашган «Олимпия» стадионида ўтади.
Қайд этилишича, Тошкент-2027 мусобақаси тартиб бўйича XIII пара енгил атлетика Жаҳон чемпионати ҳисобланади. Ушбу мусобақа Осиё қитъасида бешинчи маротаба ташкил этилади.
Мусобақада 100 дан ортиқ мамлакатдан тахминан 1 300 нафар спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Бу орқали ушбу Жаҳон чемпионати Марказий Осиё минтақаси тарихидаги энг йирик халқаро пара спорт тадбирига айланади.





