Тошкентда подъезд бўйлаб пичоқ кўтариб юрган эркак ушланди
Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс пичоқ кўтарган ҳолда кўп қаватли уй йўлагида юргани ҳақида видео тарқалди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ матбуот хизмати изоҳ берди.

Хусусан, жорий йилнинг 5 январь куни тунги соат 01.35 ларда О.С. маст ҳолатда бўла туриб, Яшнобод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида қўшниси Д.Ю.нинг эшигини тақиллатиб, уни безовта қилган.
Эркак жамоат жойида бўла туриб, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёни қонунга хилоф равишда олиб юриб, жамоат тартибини бузган.
Шундан сўнг, ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар органлари ходимлари томонидан маъмурий тартибда ушланган.
Натижада, фуқаро О.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 («Майда безорилик»), 185 прим.2 («Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш»), 194 («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судига юборилган. Суд томонидан ушбу шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.





