Фарғонадаги портлаш қурбонлари сони ошди, 5 киши қамоққа олинди
Фарғонадаги заправкада содир бўлган ёнғин оқибатида вафот этганлар сони тўрт кишига етди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 17 декабрь соат 13:45 ларда Фарғона шаҳар, «Янгийўл» маҳалласидаги Петролиум пропан газ қуйиш шохобчасида 5 метр куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлган.
Оқибатда бир киши вафот этгани, тўрт киши жароҳатлангани ва яна саккиз киши тиббий назорат остига олингани ҳақида хабар берилганди. ИИБ матбуот хизматининг билдиришича, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан яна 3 киши шифохонада вафот этди.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирги кунда жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.