Сўх ва Шоҳимардонга боришдаги чегара постлари 24/7 тартибда ишлайди

Фарғона вилоятидаги Сўх ва Шоҳимардонга боришдаги назорат-ўтказиш пунктлари 2024 йил 18 июндан бошлаб 24 соатлик иш тартибига ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Ушбу тартиб «Фарғона» чегара божхона пости, Шоҳимардонга киришдаги «Оқ қия» ва Сўхдаги «Чашма» божхона пунктларига, шунингдек, «Водил-Қадамжой» назорат-ўтказиш масканига ҳам татбиқ этилади.

Қайд қилинишича, мазкур чоралар фуқароларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, шарт-шароитларни яхшилаш ва постлардаги тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилмоқда.

Маълумот ўрнида, Сўх ва Шоҳимардон — Ўзбекистоннинг Қирғизистонда жойлашган икки анклав ҳудуди ҳисобланади.

Фарғона