Қўқонда қалбаки 120 минг АҚШ долларини муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушланди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида қалбаки пулларни ўз уйида сақлаётган ва муомалага киритишга ҳаракат қилган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида 2003 й.т. маҳаллий фуқаро қалбаки пулларни муомалага киритиш билан шуғулланаётганлиги аниқланган.
Мазкур шахс 50 млн сўм миқдоридаги қалбаки пулларни харидорга ҳақиқий 8 млн сўм эвазига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ушбу шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, қиймати 50, 100 ва 200 минг сўмлик жами 315,5 млн сўм миқдоридаги қалбаки купюралар ҳамда 100 АҚШ долларлик жами 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки купюралар борлиги аниқланган.
Ҳозирда фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, қалбаки пул маблағларини унга етказиб берган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.