Фарғонада қиймати қарийб 1,9 млрд сўмлик қалбаки дори воситалари аниқланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида икки ҳолатда умумий баҳоси қарийб 1,9 млрд сўм бўлган қалбаки дори воситаларининг муомалага киритилиши олди олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Тезкор тадбирлар давомида, 2004 йилда туғилган шахс Шикорбеги маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонда қўлбола усулда тайёрланган 2005 дона ампулада «Мидокалм» ва 750 дона ампулада «L-Lizin Essinat» дори воситаларини Lacetti автомашинасига юклаётган пайтда қўлга олинди.

Шунингдек, текширув давомида 1177 дона «Актовегин», 165 дона «Тавегил», 30 дона «L-Lizin Essinat», 2700 дона ампулада номсиз дори воситалари, қадоқлаш учун қоғоз қути ва йўриқномалар аниқланди.

Мазкур шахс жиноий шериги, 1980 йилда туғилган шахс билан биргаликда яширин цех ташкил қилгани маълум бўлди. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу дорилар қалбаки бўлиб, тиббиёт амалиётида қўллаш ва сотиш тақиқланади. Уларнинг умумий қиймати 78 миллион сўмни ташкил этади.

Қўқонда кузатилган яна бир ҳолатда, 1983 йилда туғилган шахс сифат сертификатига эга бўлмаган 800 дона «Дюфастон» дори воситасини 800 минг сўмга сотаётган пайтда қўлга олинди. Унинг яшаш хонадонида қўшимча равишда қуйидаги дорилар аниқланди:

— 405 010 дона сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситалари;

— 5000 дона йўриқнома;

— 1200 дона қадоқлаш қутиси.

Дори воситалари умумий қиймати тахминан 1,8 миллиард сўмни ташкил этди. Шунингдек, мазкур шахснинг жиноий алоқалари бўлган шахслар хонадонида «Мидокалм» учун 900 дона ёрлиқлар, «Дипросан» ва «Тавегил» учун этикетка ва йўриқномалар аниқланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси бўйича жиноят ишлари қўзғатилди. Терговга қадар суриштирув ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон