Тошкент вилоятида сифатсиз дори воситалари ва тиббий буюмлар савдосига чек қўйилди
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида сифатсиз дори воситалари ва тиббий буюмлар савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро сифати тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни сотган вақтида қўлга олинди. Аниқланишича, у 9,5 минг дона «Менавазин», 1,3 минг дона «Глиcерин», 2 минг дона «Метралин» дори воситалари ҳамда 56 880 дона инфузион система мосламаларини жами $9,7 минг ва 2,550 млн сўмга сотаётган бўлган.
Текширувлар давомида «Глиcерин» дори воситаси қўлбола усулда тайёрланиб, қадоқлангани аниқланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги» Давлат маркази хулосасига кўра, бу воситалар ва тиббий буюмлар Ўзбекистон ҳудудида савдо, ташиш ва амалиётда қўллаш учун тақиқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186³-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.