Нукус қозонхонаси когенерация технологиялари асосида модернизация қилинади

Лойиҳа доирасида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг ички иситиш тизимлари қайта тикланади, шунингдек, зарур газ ва электр инфратузилмаси модернизация қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги қозонхонани когенерация технологиялари асосида модернизация қилиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Нукус шаҳридаги 47 та кўп қаватли уй марказий иситиш тизимига уланган, яна 270 та уй локал иситиш тизимидан фойдаланмоқда.

Қолган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар турли қўлбола иситиш воситалари орқали иситилмоқда. Бундай воситалар кўп энергия сарфлаши билан бирга одамлар саломатлиги ва ҳаёти учун ҳам жиддий хавф туғдиради.

Шаҳардаги мавжуд марказий қозонхона 1976 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда асосан ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатмоқда. Унинг ускуналари маънан ва жисмонан эскирган, энергия самарадорлиги эса паст.

Тақдимотда ушбу қозонхонани давлат-хусусий шериклик асосида когенерация технологиялари билан модернизация қилиш лойиҳаси кўриб чиқилди.

Когенерация технологияси битта ёқилғи манбаидан бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ресурслардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатлари ва атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли моддаларни камайтиришга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида соатига 34,4 гигакалория иссиқлик ва 21,5 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий мажмуа барпо этилади.

Лойиҳанинг дастлабки босқичига 20 миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниб, мажмуани 2028 йил февраль ойида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Модернизация натижасида қозонхонанинг фойдали иш коэффициенти 80%дан- 91%га ошади. Иссиқлик ишлаб чиқариш ҳажми бир неча ўн баробар кўпайиб, йилига 172 минг мегаватт-соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Йилига 12,2 миллион куб метр табиий газ тежалади, атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажми ҳам сезиларли қисқаради.

Давлат раҳбари лойиҳани амалга оширишда, энг аввало, аҳоли учун барқарор, хавфсиз ва сифатли иссиқлик таъминотини яратиш, қурилиш ишларини белгиланган муддатда ва юқори сифатда бажариш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон