Тошкентда иссиқ сув қувури ёрилиши оқибатида 3 киши жароҳат олди
Шайхонтоҳур туманида қувур ёрилиб, 3 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда ФВВ изоҳ берди.
Ҳодиса соат 11:00 атрофида Шайхонтоҳур тумани Фаробий кўчасидан ўтган диаметри 800 мм бўлган иссиқлик таъминоти қувурида босим остида ёрилиши оқибатида юз берган.
Аниқланишича, ҳодиса коммунал тармоқдаги иссиқ сув қувурини босим остида текшириш бўйича режавий тадбирлар вақтида содир бўлган.
Қувур ёрилиши оқибатида юзага келган носозликни бартараф этиш ишлари ҳозирда иссиқлик таъминоти ташкилотининг авария-тиклаш бригадалари томонидан олиб борилмоқда.
Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Санитария-эпидемиологик хизмати, шунингдек, коммунал соҳа вакиллари жалб этилган.
Ҳодиса натижасида 3 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олган бўлиб, уларга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Фуқароларнинг аҳволи барқарор бўлгани боис, уларни шифохонага ётқизишга эҳтиёж туғилмаган.