Ўзбекистон аҳолисининг қанчаси ичимлик суви билан таъминлангани маълум қилинди

Ўзбекистонда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 71,2 фоизга, оқова сув хизмати 17,5 фоизга етказилди. Бу ҳақда «Ўзсутаъминот» АЖ раиси ўринбосари ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг I ярим йиллигида республика бюджети ҳисобидан (930,8 миллиард сўм) жами 1779,9 километр ичимлик ва 74,8 километр оқова сув тармоқлари, 121 та иншоотни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган, 69 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланган.

Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан (108,3 миллион доллар) жами 119,2 километр ичимлик ва 33,9 километр оқова сув тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилган, 4 та сув тақсимлаш иншооти қурилган ва 5 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинган.

Бунинг натижасида, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 71,2 фоизга, оқова сув хизмати 17,5 фоизга етказилган, 521 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланган.

Таъкидланишича, 2022 йилда «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан халқаро молия институтлари иштирокида 20 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда Саудия тараққиёт ва ОПEК жамғармаларининг 1,861 миллиард доллар қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

2022 йил якунига қадар 2 триллион сўмдан ортиқ маблағлар доирасида 527 та иншоот, 5,5 минг километр ичимлик ҳамда оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Шунингдек, халқаро молия институтларининг 245,1 миллион доллар миқдоридаги маблағлари ҳисобидан 1,6 миллион аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади, 3,4 миллион аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшиланади ва шу тариқа марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 74,2 фоизга етказилади. Оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик кўрсаткичини эса 18 фоизга етказиш режа қилинган.

Янгиликлар