Самарқандда прокурорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Прокурорнинг ноқонуний ҳаракатлари бўйича ашёвий далиллар процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди

Самарқанд вилояти Ургут тумани прокурори ўринбосарининг коррупцион ҳолатлари фош бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, мазкур мансабдор шахс Пастдарғом тумани прокуратурасида фаолият юритган даврида хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳаллий МЧЖ томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланилиши натижасида 2 млрд 887 млн сўм миқдорида давлатга етказилган зарарни 805,9 млн сўмга камайтириб бериш эвазига воситачилар орқали 6,5 минг АҚШ доллари ва 35 млн сўм пора олган.

Бу билан чекланмай прокуратура томонидан МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида зарар миқдорини 150-200 млн сўмгача камайтиришни ва уларга суд идораларидаги танишлари орқали енгил жазо тайинланишида ёрдам беришини айтиб, МЧЖ эгасидан 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Прокурорнинг ноқонуний ҳаракатлари бўйича ашёвий далиллар процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

Ўзбекистон