Жиззахда сел келиши сабабли 30 дан ортиқ дам олувчи эвакуация қилинди

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар йўқ

Жиззах вилоятида сел келиши сабабли 30 дан ортиқ дам олувчи эвакуация қилинди, дея хабар бермоқда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йил 18 июн куни Жиззах вилояти Бахмал туманида кучли ёғингарчиликлар натижасида тоғ ва тоғ олди ҳудудларида сел оқими юз берган.

Шундан сўнг, воқеа жойига ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари, патрул-пост хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари, шунингдек ФВБ, Миллий гвардия, ҳокимлик ҳамда бошқа ваколатли идора ва ташкилотлар ходимлари етиб борган.

Натижада, сел Жўм-Жўм қишлоғи ҳудудидан ўтувчи сойнинг ўзани бўйлаб оқиб ўтиб, «Жўм-Жўмсой» дам олиш маскани ҳамда Нушкент М.Ф.Й. ҳудудларидан ўтган. Мазкур ҳудудда бўлган 32 нафар дам олувчи тезкор равишда хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар йўқ. Турар жойлар, уй ҳайвонлари ва бино-иншоотларга зарар етказилмаган, — дейилади хабарда.

Бироқ, «Жўм-Жўмсой» дам олиш масканига олиб борувчи кўприк қисман шикастланган. Шунингдек, сел оқими йўлида қолиб кетган иккита Damas ва Gentra автомобиллари зарар кўрган.

Ўзбекистон