Рақобат қўмитаси «Shaffof Sement Sanoat»га нисбатан иш қўзғатди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Shaffof Sement Sanoat» МЧЖ қўшма корхонасига нисбатан манипуляция ҳаракатларини содир этгани учун таъсир чораси қўлланганини маълум қилди.
Рақобат қўмитаси Фарғона вилоят бўлими «Shaffof Sement Sanoat» акциядорлик жамиятига нисбатан текширув ўтказди. Мониторингда «Shaffof Sement Sanoat» томонидан 2023 йил январь-декабрь ва 2024 йил январь-июль ойларида 298 та ҳолатда 20 минг 645 тонна цемент биржа савдоларига қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилгани аниқланди.
Шунингдек, маҳсулот сотилган кунлардаги нархлар 2023−2024 йиллар давомида биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланган. 298 та ҳолатда маҳсулот нархларини қори қўллаш натижасида жами 669 млн сўмга яқин миқдорда тафовут ҳолати очиқланди.
Юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни сотиш тўғрисидаги низомга кўра, улар товар биржасига қўйилиши керак. Махсус комиссия «Shaffof Sement Sanoat» компаниясининг ҳаракатларини манипуляция деб тан олиб, унга тегишли чоралар кўришини маълум қилди.