Қорақалпоғистон собиқ Ички ишлар вазири Жанабай Шилманов вафот этди
Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Жанабай Палимович Шилманов 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Жанабай Шилманов, «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист», 2-даражали «Меҳнат фахрийси» ҳисобланади.
Генерал-майор Ж. Шилманов 1940-йил 16-ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида туғилган. 1957-йилда туман марказидаги ўрта мактабни тамомлаб, 1957–1962-йилларда Тошкент давлат педагогика институтининг инглиз филологияси факультетида таҳсил олган ва уни имтиёзли диплом билан муваффақиятли якунлаган.
Меҳнат фаолиятини 1962–1965-йилларда Тинч океани ҳарбий-денгиз флоти сафида инструктор сифатида бошлаган. Мазкур хизмат давомида унга дастлабки «лейтенант» ҳарбий унвони берилган ҳамда «Алоҳида хизматлари учун» медали билан тақдирланган. Кейинчалик Кегейли туманидаги ўрта мактабда ўқитувчи, туман ёшлар кенгаши раиси лавозимларида фаолият юритган.
1966-йилда Давлат хавфсизлик қўмитаси сафига қабул қилиниб, Минск шаҳридаги махсус мактабни тамомлаган ва ушбу хизматнинг олий махсус жанговар тайёргарлигидан ўтган. 1980–1981-йилларда «Каскад–2» махсус гуруҳи таркибида Афғонистонда жанговар хизмат вазифаларини бажарган.
Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитасида бўлим бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитаси бошлиғининг ўринбосари, 1983–1987-йилларда эса Қорақалпоғистон Республикаси партия қўмитасининг Маъмурий бўлими бошлиғи лавозимларида масъулиятли фаолият олиб борган.
1987-йилдан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, 1991–2002-йилларда эса Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида хизмат қилган.
Фидокорона хизматлари учун Жанабай Палимович Шилманов «Ички ишлар генерал-майори» олий ҳарбий унвони, 2-даражали «Шон-шараф» ордени ҳамда «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвони билан тақдирланган.
2002-йилдан нафақага чиққан генерал-майор Ж.Шилманов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида қўмита раиси, шунингдек Конституциявий назорат қўмитаси раиси лавозимларида ҳам узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган.





