Ҳиндистонда сув тошқинлари оқибатида 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Талофат кўрган ҳудудларда қутқарув ишлари давом эттирилмоқда

Ҳиндистоннинг Ассам штатида юз берган сув тошқинлари оқибатида 40 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмди, 650 мингдан зиёд аҳоли офатдан жабр кўрди. Бу ҳақда штат Табиий офатлар оқибатларини тугатиш бошқармаси маълумотига таяниб ТАСС хабар қилди.
Бир кеча-кундуз ичида сув тошқини оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, натижада жорий йилда ушбу табиий офат қурбонларининг умумий сони 41 кишига етди. 11 та округда жами 653 100 нафардан ортиқ аҳоли офатдан жабр кўрди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда, аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик суви, дори-дармон ва гигиена воситалари тарқатилмоқда. Талофат кўрган ҳудудларда қутқарув операциялари давом этмоқда.
10 та округда 487 та вақтинчалик яшаш лагери ва ёрдам кўрсатиш пунктлари фаолият юритмоқда. Ушбу масканлардан эвакуация қилинган 24 418 нафар фуқаро бошпана сифатида фойдаланмоқда.





