Жиззахда бир қизга шилқимлик қилган таксист 5 суткага қамалди
Жиззах вилояти Фариш туманининг жиноят ишлари бўйича суди бир қизга шилқимлик қилган эркакка ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берилди.
Маълумотларга кўра, 18 август куни эркак кизни таксида керакли манзилга олиб боради. Шундан сўнг у, керак бўлиб қолади, деб, телефон рақамини ёзиб қўйишини таклиф қилади.
Бир неча вақтдан сўнг қизга яна такси керак бўлади, ва у яна ўша эркакка мурожаат қилади. Аммо бу сафар эркак уни қўллари ва оёқларидан ушлаб, номақбул таклифлар қилишни бошлайди.
Натижада, қиз дарҳол автомобилдан тушиб кетади. Лекин эркак шу билан тўхтамай, унга узлуксиз қўнғироқ қилиб, Telegram орқали бир неча порнографик видеоларни юбориб, жинсий алоқа таклиф қилади.
Шундан сўнг, қиз зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этади.
Текширув жараёнида эркакдан мобиль телефон олиб қўйилган ва у ерда порнографик материаллар топилган.
Судда эркак айбини тан олган ва бундай ҳолат қайталанмаслигини маълум қилган.
Суд уни маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси ва 189-моддаси (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) бўйича айбдор деб топди. Натижада эркак 5 суткага қамалди.
Шунингдек, суд телефонидаги порнографик материалларни йўқ қилиш ва смартфонни давлат фойдасига мусодара қилишга қарор қилди.