Юк темир йўл станциялари Тошкентдан ташқарига кўчирилиши мумкин
27 май куни президент Шавкат Мирзиёев темир йўл транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда юк ташиш инфратузилмасини самарали ташкил қилиш, даромадни ошириш ва станциялар жойлашувини қайта кўриб чиқиш таклифлари илгари сурилган.
Қайд қилинишича, ҳозирда ташқи юкларнинг 70% и Чуқурсой станцияси орқали ташилмоқда. Бу эса ортиқча вақт, харажат ва навбатларга сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан юк темир йўл станцияларини Тошкент шаҳри ҳудудидан ташқарига – Янгийўл тумани ҳамда Янги Тошкент яқинига кўчириш, у ерда йирик станциялар барпо этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, пойтахтни айланиб ўтувчи «Озодлик–Янгиер» темир йўл линияси қурилиши режалаштирилган. Бу орқали Фарғона водийси ва бошқа вилоятлар ўртасида юк ташувларини Тошкент шаҳрига киритмасдан амалга ошириш мумкин бўлади.
Тақдимотда, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг йиллик натижалари муҳокама қилинган.
Президент янги поездлар олиб келиш, вокзаллар инфратузилмасини яхшилаш, йўловчилар учун қулайликлар яратиш, туристлар учун шароитларни ошириш, автотураргоҳларни кенгайтириш ва хизматлар сифатини ошириш зарурлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Самарқанд–Ургут темир йўли лойиҳаси доирасида ҳам қурилиш ишлари бошланган. Ҳозиргача 7 км темир из ётқизилган. Йўналишнинг умумий узунлиги 54 км бўлиб, у бўйлаб 2 та вокзал ва Ургут иқтисодий зонаси ҳудудида 2 та юк станцияси барпо этилиши режалаштирилган.