Москвада «Крокус Сити Холл»да теракт уюштирганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Россияда 2024-йилнинг март ойида 149 кишининг ҳаётига зомин бўлган Крокус Сити Холлдаги терактнинг айбдорлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда РФ Тергов қўмитасининг расмий каналида хабар берилди.

Теракт иши бўйича жами 19 нафар айбланувчига нисбатан айблов эълон қилинди. Жумладан, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар орасида Далержон Мирзоев, Шамсидин Фаридуни, Муҳаммадсобир Файзов ва Саидакрам Муродали Рачабализодалар ҳам бор.

Улар жазо муддатининг бир қисмини қамоқхонада, қолган қисмини эса қаттиқ тартибли колонияда ўтайди. Шунингдек, суд уларнинг ҳар бирини 990 мингдан 2,7 млн рублгача жаримага тортди.

Эслатиб ўтамиз, 2024-йилнинг 22-март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» залида теракт содир бўлган. Ҳужумчилар бино ичидагиларга қарата автоматлардан ўт очган. Ҳодиса оқибатида, 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган, 609 киши яраланган.

 

Жаҳон