Жиззахда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакили пора билан ушланди

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах вилояти бошқармаси Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Мазкур мансабдор, шахсий бойлик орттириш мақсадида ўзининг 1989 й.т., муқаддам судланган таниши билан тил бириктириб, техника таъминоти билан шуғулланувчи МЧЖ иш бошқарувчисининг ишончига киради.

Яъни, мазкур МЧЖ билан Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида 20 дона интерактив доскаларнинг олди-сотти шартномасини электрон дўкон орқали тузилишида ғолибликни қўлга киритиб, доскаларни қиммат нархда ўтказиб беришни ваъда қилишади.

Улар ўзларининг қўштирноқ ичидаги холис хизматлари эвазига МЧЖ иш бошқарувчисидан 85 млн сўм талаб қилишади.

Аниқланишича, Департаментнинг катта тезкор вакили хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига асл нархи 15,2 млн сўм бўлган интерактив доскаларни 25 млн сўмдан ўтказиб бермоқчи бўлган.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб 1989 й.т. фуқаро 85 млн сўмни олган вақтида ушланади.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан 30 млн сўмни Департамент ходими ўзининг яна бир ҳамтавоғи бўлган – мактаб директори билан биргаликда, ўз яшаш хонадони олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ИЖҚКД Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили ва мактаб директорига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон