Фарғонада 4 киши фастфуддан заҳарланди
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида тўрт киши фастфуддан заҳарланди. Бу ҳақда Санэпидқўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қўмитанинг Фарғона вилояти бошқармаси Ўзбекистон тумани бўлимига 6 ноябрь куни туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Юқумли касалликлар бўлимига тўрт нафар беморни ошқозон-ичак фаолиятининг функциясини бузилиши ташхиси билан ётқизилгани юзасидан хабарнома берилган.
Ушбу хабарномага асосан Санэпидқўмита ходимлари томонидан санитария-эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилган.
Суриштирув давомида беморларнинг икки нафари 5 ноябрь куни тушлик вақтида Ўзбекистон тумани “Яйпанбозорбош” МФЙ, Ибн Сино кўчасида фаолият олиб бораётган фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида ҳот-дог маҳсулотини истеъмо қилгани, яна икки нафар бемор эса ушбу туманнинг “Оқтепа” МФЙ, “Туркистон” кўчасида фаолият олиб бораётган фастфуд маҳсулоти тайёрлаб, сотиш шохобчасида ҳот-дог маҳсулотини истеъмол қилгани аниқланган.
Беморлар шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Ошқозон-ичак фаолиятининг функциясини бузилиши” ташхиси билан бўлимга ётқизилган. Уларнинг умумий ҳолати қониқарли.
Айни пайтда ҳолат Санэпидқўмита мутахассислари томонидан тўлиқ назоратга олинган. Ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.