14 ёшли боланинг ўлими ортидан 2 нафар ИИБ ходими қамалди
Фарғонада ички ишлар муассасасида вафот этган 14 ёшли боланинг ўлими юзасидан 2 нафар ИИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзгатилди.
Қайд этилишича, 2 нафар собиқ ички ишлар идораси ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларига совуққонлик билан қараб, ўз мажбуриятларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлиб, уларни бажармагани оқибатида марказда сақланаётган вояга етмаган Р.Абдусатторов (мархум) икки нафар вояга етмаган тарбияланувчилар томонидан кун давомида мунтазам равишда уриб-дўппосланиб, унга оғир даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Бунинг оқибатида бола вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан собиқ ИИБ марказ тарбиячиси ҳамда навбатчилик сменаси инспектор-навбатчиси Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» банди (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан гумон қилинувчи сифатида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.